ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. 54 ёшли Ойша Абдуқодирова ўзини Тошкент вилояти давлат архиви ходими сифатида таништириб, фуқаролардан товламачилик йўли билан йирик миқдордаги валюта талаб қилиб Зангиота тумани ҳокимлигининг ер участкалари ажратиш бўйича қарорларини сохталаштириш билан шуғулланиб келган.
"Аёл Зангиота тумани "Эшонгузар" қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида маҳаллий фуқародан гўёки унга ҳокимият орқали ер ажратиб бериш ҳақида қарор чиқариш учун бир ярим минг доллар олаётганида ушланди", — деб маълум қилди МХХ вакили Sputnik мухбирига.
У дастлабки суриштирув чоғида айбига тўлиқ иқрор бўлди. Шу билан бирга аёл бир ўзи иш олиб бормаганлиги, Зангиота тумани кадастр бўлими инспектори Улуғбек Орипов унинг қилмишларига шерик эканлигини билдирди. Тезкор ходимлар ўтказган операция орқали Орипов Ойша Абдуқодировадан минг доллар олаётганида ушланди.
Тошкент вилояти прокуратураси уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноя кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғади. Айни пайтда қўзғатилган жиноий иш доирасида уларнинг қонунга хилоф бошқа ишларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳондаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлишни истасангиз, Sputnik Ўзбекистоннинг Telegram-каналига обуна бўлинг.