ТОШКЕНТ, 17 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14-15 апрель кунларида Самарқанд вилоятига амалга оширган ташрифи вақтида бир қанча раҳбарларни лавозимларидан озод қилган, деб хабар берди "Кун.уз".
Булунғур тумани ҳокими Хўжаёров Хайриддин Гадоевич ишдан олиниб, унинг ўрнига Вазирлар Махкамасида масъул вазифаларда ишлаб келган Рахимов Фурқат Жалолович номзодини Булунғур тумани ҳокими вазифасига тавсия қилинган.
Халк депутатлари Булунғур тумани кенгаши томонидан туман ҳокимини тайинлаш ҳақидаги вилоят ҳокимининг қарори депутатлар томонидан тасдиқланган.
Нуробод тумани ҳокимлигидан бўшатилган Эргашев Бахтиёр Қўшбоевич ўрнига эса ҳали янги раҳбар тайинланмаган.
Шунингдек, Қўшработ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Холбоев Анвар ишдан олинган.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда эндиликда муайян ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун фақатгина ҳокимнинг ўзи жавоб бермаяпти. Қайси туман ёки шаҳарда ҳоким ишдан олинадиган бўлса, "тўртлик"нинг барча вакиллари — ҳоким, прокурор, милиция бошлиғи, ДСИ бошлиғи ишдан кетмоқда. Бу жамоавий жавобгарлик сифатида ҳисобланмоқда.