ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. "Хазонрезги" фильмида бош роллардан бирини ижро этган Феруза Саидова "Ак Илбирс-2017" — Қирғизистон миллий киномукофоти ҳайъати томонидан Марказий Осиёнинг энг яхши актрисаси деб топилди. Бу ҳақда тадбирнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилинди.
"Хазонрезги" фильмининг режиссёр ва сценарий муаллифи Зулфиқор Мусоқов бўлиб, фильм марказида афғон уруши синовидан ўтган қаҳрамон туради. Уни ўтмишнинг даҳшатли ва қонли хотиралари қийнайди, лекин у шошилмасдан, синчковлик билан ўзининг бугунги ҳаётини таҳлил қилади.
Фильмнинг асосий воқеалари бир оила атрофида бўлиб ўтади. Уларнинг оиласи яхшилик ва ёмонлик ҳамда турли қийинчиликларга дуч келади. Оила бошига тушган қийинчиликлар натижада уни мустаҳкамлайди ва охир-оқибат севги ғолиб чиқади.
"Ак Илбирс" (Қор барси) киномукофоти кинематография соҳасида эришган ютуқлари ва қўшган ҳиссаси учун бериладиган мукофот бўлиб, Қирғизистон кинематографиячилар иттифоқи, айтиш жамоатчилик фонди ва Кинони ривожлантириш фонди томонидан таъсис этилган.
Ғолибларга бронзадан ясалган қор барси ҳайкалчаси топширилади.