ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи давомида Самарқанд шаҳрида қурилган янги трамвай йўлини бориб кўрди. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ахборот хизмати хабар қилди.
Президентнинг 1 февралдаги "Самарқанд шаҳрида трамвай линияларини қуриш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан шаҳарда умумий узунлиги 34,8 км ни ташкил этадиган трамвай йўллари босқичма-босқич қурилмоқда.
Янги трамвай йўналиши бўйича ҳаракат графиги ишлаб чиқилди. Унга кўра, трамвайлар эрталаб соат 06:00 дан кечқурун 23:00 гача ҳаракатланади. Темир йўл вокзалидан Саттепо массивигача трамвай линиясида икки томонлама 4 тадан жами 8 та трамвай ҳар 7 дақиқада ҳаракатланади. Трамвай йўлининг икки тарафидан автобус бекатлари билан бирлаштирилган 13 тадан жами 26 та замонавий бекатлар қурилган.
Ушбу лойиҳанинг биринчи босқичида қурилаётган трамвай йўлининг умумий узунлиги 11,4 км.ни ташкил этиб, бугунги кунда 7,2 км бўлган трамвай йўлининг биринчи қисми қурилиши тўлиқ якунланди.
Қурилишнинг кейинги қисми темирйўл вокзалидан Сиёб бозоригача бўлган йўналишда, яъни узунлиги 5 км бўлган трамвай йўли қуриш ишлари давом этмоқда.
Лойиҳанинг кейинги босқичида қуриладиган Трамвай йўлининг умумий узунлиги 23,4 км.ни ташкил этиб, қурилиш "Самарқанд" темир йўл вокзалидан Спитамен кўчаси орқали Кимёгарлар шаҳарчаси ҳамда вокзалдан Нарпай кўчаси орқали Кимёгарлар шаҳарчасигача бўлган йўналишларни қамраб олади.
Самарқанд трамвай депоси қошида Республика Ички ишлар вазирлигининг тегишли рухсатномаси олиниб, трамвай ҳайдовчиларини тайёрлаш маркази ташкил этилди.