Андижонда мактаб ўқувчилари учун махсус транспорт хизмат кўрсатмоқда

© inclusive.uzШкольные будни
Школьные будни - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ушбу жамият хизматидан фойдаланиш учун ўқувчининг ота ёки онасидан ариза, 8 дона расм ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномадан нусха талаб этилади. Ўқувчиларни ташиш давомидаги хавфсизлик жавобгарлигини жамият ўз зиммасига олади

ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Андижон шаҳридаги "Jasur new tech" МЧЖ мактаб ўқувчиларини уйдан мактабга, дарс машғулотлари тугагандан сўнг уларни яна уйга элтиш фаолияти билан iуғулланади, деб хабар бермоқда "Ҳордиқ.уз" нашри.

Хабарга кўра, Андижон шаҳрининг Қўшариқ, Узумзор, Боғишамол ҳамда кичик даҳалар бўйлаб аҳоли эхтиёжини ҳисобга олган ҳолда 3 та автоулов мактаб ўқувчиларига хизмат қилмоқда.

Машиналарда кузатувчилар ўқувчилар учун тарихий маълумотлар, қизиқарли интерфаол ўйинлар ташкил қилиш билан бир қаторда машинага чиқиб-тушишлари ҳамда йўлдан ўтказиб қўйиш вазифасини ҳам бажарадилар.

"Бу лойиҳа ишга тушганига 1 ой бўлди. Аввалига автобус билан бошлагандик, лекин одам сони камлиги учун ҳозирча "Газель" автомобилида ўқувчилар хизматидамиз", дейди жамият бошлиғи Жасурбек Тожиддинов.

Мазкур фаолиятнинг иқтисодий жиҳатларига эътибор қаратсак, бир нафар мактаб ўқувчиси учун бир ойга 55 000 сўм миқдорида бадал тўланади. Агар ўқиш кунларини бир ойда ўртача 26 кун деб ҳисобласак, тўлов кунига 2 000 сўм атрофида тўғри келади. Бунинг натижасида ўқувчилар ўз вақтида, хавфсиз таълим муассасасига етиб боради ва уйга қайтади, йўл-йўлакай қизиқарли маълумотлар билан танишади.

Қолаверса, ҳозирги кунда корхона 5 нафар иш ўрнига эга бўлиб, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшаётгани аҳамиятга моликдир.

Ушбу жамият хизматидан фойдаланиш учун ўқувчининг ота ёки онасидан ариза, 8 дона расм ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномадан нусха талаб этилади.

Ўқувчиларни ташиш давомидаги хавфсизлик жавобгарлигини жамият ўз зиммасига олади.

Шунингдек, таътил ва байрам кунлари ташкилот томонидан ўқувчилар учун махсус экскурсиялар ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар шаҳардаги "Бобур боғи" ҳамда "Ўлкашунослик" музейига саёҳатлар уюштирилди.

Янгиликлар лентаси
0