ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Бўстонлиқ туманида содир бўлган ер кўчкиси 1 кишининг умрига зомин бўлди, деб хабар қилди "Кун.уз" нашри Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот-хизматига таянган ҳолда.
Хабарга кўра, 2017 йил 13 апрель куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида табиий офат рўй берди. Бунинг оқибатида бир киши шифохонага олиб борилаётганда ҳаётдан кўз юмган.
"Соат 07:50да тумандаги "Боғистон" МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-10 "Чорвоқ сув омбори айланма йўли"нинг 47-километрида ер кўчкиси содир бўлган. Кўчки автомобиль йўлининг ўнг томонидан пастликка кўчган. Кўчкининг ўлчами: эни 10-15 метр; баландлиги (чуқурлиги) 1-1,5 метр; узунлиги 10-14 метрни ташкил этади.
Кўчки тушиши натижасида йўлдан ўтаётган Дамас русумли автомобиль пастга қулаган. Натижада автомобилда бўлган икки нафар фуқаро жабрланган", — дейилади хабарда.
Жабрланган фуқароларнинг бири Бўстонлиқ тумани Тиббиёт бирлашмасига олиб кетилаётганда вафот этган.
Жабрланган фуқаролар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани "Боғистон" МФЙда истиқомат қилиши маълум бўлди.
Тошкент вилояти ФВБ, ИИБ, Бўстонлиқ тумани хокимияти ва "Ўзавтойўл" хизмати билан ҳамкорликда кўчки тушган автомобиль йўлини тозалаш ишлари олиб борилмоқда.