ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари Бўритош Мустафоев 68 ёшида оғир хасталикдан вафот этди, деб хабар қилди Конституциявий суд матбуот-хизмати.
У 9 апрель куни Тошкент шаҳридаги Юрак хасталиклари клиникасига ётқизилган.
"Бўритош Мустафоев оқил ва олийжаноб, Ватанни самимий севадиган ва халқи учун жонкуяр инсон эди. У мамлакатимизда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашга, ҳуқуқ тизимининг шаклланиши ва ривожланишига катта ҳисса қўшган", — дейилган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди хабарида.
1998 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўринбосари, Адлия вазирининг ўринбосари, Конституциявий судининг раиси, Марказий сайлов комиссиясининг раиси, Олий судининг раиси лавозимларида ишлади. 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари лавозимига сайланиб, умрининг охиригача шу лавозимда меҳнат қилган.
Мустафоев "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист" фахрий унвони, II даражали "Шон-шараф" ва "Меҳнат шуҳрати" орденлари билан тақдирланган. Олий малака даражали судья. I даражали Давлат адлия маслаҳатчиси.