ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Россия Ўзбекистонга етказиб бериладиган ҳарбий техника миқдорини оширади, бу борадаги шартнома мамлакат Федерация Кенгаши томонидан ратификация қилинди, деб хабар бермоқда nuz.uz.
Федерация кенгашининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси аъзоси Ольга Ковитидининг айтишича, ҳужжат Москвада 2016 йилда имзоланган бўлиб, ҳар икки давлат учун манфаатли ҳарбий-техникавий мақсадларга мўлжалланган маҳсулотларни етказиб беришни янада самарали амалга оширишга йўналтирилган.
Шартнома билан Россия ва Ўзбекистоннинг қатор йўналишлар бўйича ҳарбий-техникавий ҳамкорлиги ҳуқуқий асослари ўрнатилади. Булар хусусан, ҳарбий мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш, қурол-яроғ ва ҳарбий техникага хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича ишларни амалга ошириш, ҳарбий-техникавий ёрдам кўрсатиш, илмий-тадқиқот ва тажрибавий-конструкторлик ишларини бажаришдир.
Шартномани амалга ошириш бўйича Россия томонидан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик бўйича Федерал хизмат, Ўзбекистондан эса Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ваколатли идора бўлади.
Ҳарбий маҳсулотларни етказиб бериш томонлар ваколатли органларининг ўзаро келишуви асосида амалга оширилади.
Шартномага кўра, ҳар икки давлатда ҳарбий техникадан мақсадли фойдаланиш устидан назорат кучайтирилади. Россия Федерация кенгашининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раҳбари Константин Косачевнинг фикрича, Россиянинг Ўзбекистон билан исталган кўринишдаги шартномалари фақат ижобий қарши олинади.
Европа ва Американинг қатор таҳлилий институтлари маълумотига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳарбий бюджети йилига 70-80 млн. долларни ташкил этади. Ҳарбий хизматчилар сони эса 65 минг нафарга тенг.