ТОШКЕНТ, 10 апр — Sputnik. Россия шаҳрида "Самара-Самарқанд: Волгадан Зарафшонга қадар маданий мулоқот мероси ва замонавийлик" халқаро илмий-амалий анжумани мақола ва материаллари тўплами чоп этилди, деб хабар берди "Самарқандиёна" қомусий лойиҳаси.
Нашр саҳифаларида тарихий мероснинг аҳамияти билан боғлиқ ижтимоий-маданий ва таълимий лойиҳалар, бугунги замон чақириқлари ва Евросиё интеграциясининг янги стратегиялари ҳақидаги илмий ишланмалар билан танишиш мумкин.
Китобда анъаналар ва инновациялар асосида маданиятларни яқинлаштириш, маданий мерос объектлари ва замонавий ижтимоий амалиёт ўртасидаги мулоқотларни янгилаш масалалари кўриб чиқилади. Биродарлашган шаҳарлар Самара ва Самарқанд ўртасидаги маданий, таълим ва иқтисодий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган.
Китобни Самара давлат маданият институти чоп этган бўлиб, уни тайёрлашда шунингдек, Самара давлат иқтисодиёт университети, Тезкор антропологик тадқиқотлар халқаро комиссияси (Австрия), А.Темур номидаги Самарқанд шаҳар маданият ва истироҳат маркази, "Афросиёб" Самарқанд шаҳри тарихи музейи ва бошқа ўқув юртлари ҳамда ташкилотлар иштирок этан.
Китобдан дунёнинг 11 мамлакатидаги 40 муаллифнинг 36 мақоласи ўрин олган бўлиб, мазкур лойиҳани тайёрлашда Россия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Украина, Испания, Ҳиндистон, Австралия ва бошқа мамлакатлар вакиллари қатнашишган.
Китоб шунингдек, Самара давлат маданият институтининг сайтида электрон кўринишда ҳам жойлаштирилган.