ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Бугун Ўзбекистон Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Ўзбекистон Президентининг Тошкент вилояти ва туманидаги Халқ қабулхоналари томонидан Зангиота ва Янгийўл туманлари аҳолиси учун сайёр қабул ташкил этилди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги Халқ билан мулоқот гуруҳи хабар бермоқда.
Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари, суд, прокуратура, вазирликлар, банк, тегишли қўмита, бошқарма ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Таҳлил натижаларига кўра, жорий йилнинг 7 апрель кунига қадар Президент Виртуал қабулхонасига Зангиота тумани бўйича 14 983 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 14 580 таси жисмоний шахслар, 403 таси юридик шахсларга тегишли.
Ушбу мурожаатлар соҳалар бўйича ўрганилганда энг кўп мурожаатлар уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш, жойларда уй-жойларнинг таъмирга муҳтожлиги (2 483 та, 16,6%), табиий газ таъминоти масаласи (1 361 та, 9,0%) ҳамда моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ва болалар нафақасини олиш масалалари бўйича (1 058 та, 7,0%) тушганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги масалалари, шу жумладан йўлларни таъмирлаш масалалари бўйича 834 та (5,6%), судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишлари, хўжалик судларида ишлар кўрилиши бўйича 703 та (4,7%) ва суд қарорларининг ижро этилиши масалалари бўйича 662 та (4,4%) мурожаат тушган.
Янгийўл тумани бўйича мурожаатлар сони жами 5 768 тани ташкил қилади. Шундан 5 491 таси жисмоний шахслардан, 277 таси юридик шахслардан келиб тушган.
Ушбу тумандан тушган мурожаатларнинг аксариятини уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш, жойларда уй-жойларнинг таъмирга муҳтожлиги (856 та, 14,8%), фуқароликни қабул қилиш ва фуқароликдан чиқиш, паспорт олиш ва пропискага ўтиш масалалари бўйича (480 та, 8,3%), моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш масалалари бўйича (475 та, 8,2%) мурожаатлар ташкил қилади.
Меҳнат ва бандлик масаласи, шу жумладан ишга жойлашиш ва ишга тикланиш масалалари бўйича 407 та мурожаат (7,1%) келиб тушган.
Қолган мурожаатлар эса суд қарорларининг ижро этилиши масалалари (399 та, 6,9%), судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишлари, хўжалик судларида ишлар кўрилиши (306 та, 5,3%), банк-молия масалалари (271 та, 4,7%) ва табиий газ таъминоти (244 та, 4,2%) ҳамда электр таъминоти масаласи, шу жумладан электр энергиясини ўчирилиши ва асоссиз қарздорлик ҳисобланиши (148 та, 2,6%) билан боғлиқ.
Сайёр қабулда фуқаролар томонидан йўлланган 100 дан зиёд мурожаатлар таҳлил қилиниб, уларнинг юзага келиш сабаблари ўрганилди.
Сайёр қабул жараёнида фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан бевосита тегишли соҳаларга масъул бўлган раҳбарларга мурожаат қилиш ва улар юзасидан жавоб олиш имконига эга бўлди.
Мурожаатларнинг аксарият қисми жойида ечимини топди, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларига топшириқлар берилди.
Гуруҳ саҳифасида маълум қилинишича, 9 апрель куни соат 10:00да Қуйичирчиқ, Чиноз, Оққўрғон туманлари аҳолиси учун Қуйичирчиқ ҳокимиятида сайёр қабул бўлиб ўтади.