ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Басманний суди Санкт-Петербургдаги портлашга алоқадорликда гумон қилинган ўзбекистонлик Шоҳиста Каримованинг ҳибсга олиниши ҳақида ҳукм чиқарди. Гумондор 3 июнга қадар қамоқда сақланади, деб маълум қилди Басманний суди матбуот котиби Юнона Юнона Царева.
Терговчи Каримованинг ёнидан микросхема ва саноат детонаторлари, сумкасидан эса F1 гранатаси топилганини иддао қилмоқда. Адвокат Муса Абдулваҳобов буларнинг барини тинтув давомида қонунбузарликка йўл қўйган оператив ходимлар солиб қўйишганини билдирди.
"Терговчи детонаторни биологик излар қолиши учун аёлнинг сочларига суртган, детонаторни унинг баданига ишқалаган", — деди адвокат Муса Абдулваҳобов РИА Новостига.
У шунингдек, ҳимояси остидаги аёл "ўта заковатли эмаслигини ва энг оғир ишда ишлашини", ҳеч қачон Санкт-Петербургда бўлмагани ва ҳудкуш Акбаржон Жалилов билан таниш бўлмаганини айтди. Аёл илгарироқ ҳибсга олинган Содиқ Ортиқов билан Москва вилоятининг Одинцово туманидаги "Лесное" кафесида ишлаган ва ўша кафеда яшаган. Адвокат ҳукм устидан шикоят қилмоқчи.
3 апрель куни Петербург метросининг "Сенная площадь" ва "Технологический институт-2" станциялари оралиғида портлаш содир бўлган, оқибатда 14 киши ҳалок бўлган, 49 киши жароҳатланганди.