ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Сергей Лавров АҚШнинг Сурияга авиазарбалар беришини изоҳлади.
"Бу жуда пухта ўйланган зўравонлик ҳаракатидир. Буларнинг бари 2003 йилда АҚШ ва Буюк Британия БМТ Хавфсизлик кенгаши розилигисиз халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиб иттифоқчилари билан Ироққа бостириб кирган вазиятни эслатмоқда. Ўшанда ҳарҳолда ашёвий далил кўрсатишга уринишганди. Дўстим К.Пауэлл тиш ювиш кукуни солинган идишни берган МРБчилар томонидан адаштирилганди. У бу идишни БМТ ХКда силкитганча бу "антракс" — сибир яраси эканлигини айтганди. Энди эса ҳаттоки далил ҳам келтиришмади, ҳар хил нодавлат ташкилотлар, жумладан Сурия ҳукуматига қарши ҳаракатларни келтириб чиқариш мақсадида сохта ҳолатларни яратиш билан шуғулланувчи "Оқ каскалар" берган фотосуратларгагина асосланишди", — деди Россия ташқи ишлар вазири.
Россия ТИВ раҳбари шунингдек, ўша вақтда Буюк Британия бош вазири бўлган Тони Блэр орадан ўн йил ўтгач улар фирибгарлик қилишганини, ҳаммани адаштиришганини тан олганини эслатиб ўтди, деб хабар қилмоқда Россия ТИВ матбуот хизмати.
"Ушбу вазиятда Сурияга зарба бериш ҳақидаги қарор қандай қабул қилинганлиги ҳақидаги ҳақиқат қачон ошкор бўлишини билмайман, лекин фикримча, ҳақиқатни талаб қилиш керак ва биз бу иш билан шуғулланамиз. Товланиб турувчи ва ўз номини ўзгартирган "Жабҳат-ан-Нусра" ғарблик шерикларимиз учун асраш лозим бўлган ташкилотдек кўриняпти деган фикрга қайтишимизга тўғри келади, зеро БМТ ХК томонидан у террорчилик ташкилоти деб эълон қилинган", — деди Лавров.
Сергей Лавров Сурия ҲҲК Идлиб вилоятида зарба берган ҳудуд "нусрачилар" томонидан назорат қилинганини, бу ҳудудда улар ўз ҳарбий қисмлари, қурол ва техникаларига эга бўлишганини билдирди. У бу ерда заҳарли кимёвий моддалар орқали қурол тайёрланадиган фабрика бўлганлигини қайд этди.
"Биз ушбу далилларни етказдик, уларни "сўнгги вазиятдаги ҳақиқат" демадик, балки бизга етиб келган маълумот дедик. Бу ҳодиса юз берган жойга аслида нима бўлганини ўз кўзлари билан кўришлари учун мутахассисларни зудлик билан жўнатишни сўрадик. Назорат сафарини ва суриштирув ишларини кутмасдан зарба берилди. "Жабҳат-ан-Нусра"дан эътиборни чалғитиш учун шундай қилинди деган таассурот уйғонмоқда", — деди вазир.
Мазкур воқеадан ким манфаатдор деган саволга ТИВ раҳбари бу Женева ва Остона жараёнларини йўққа чиқармоқчи бўлган, сиёсий йўл билан ҳал этиш ўрнига куч ишлатиш йўлига ўтишни истаётганлар учун манфаатли эканлигини айтди. Бундан ташқари, у буларнинг барчаси шусиз ҳам қил устида турган Россия ва АҚШ муносабатларига зарар етказишини билдирди.
"ОАВ Барак Обаманинг собиқ маъмурияти амалдорлари ушбу зарбалардан сўнг Россия ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик йўққа чиқиши ҳақида хурсандчилик билан айтган гапларидан иқтибослар келтираётган бўлса-да, бу иғвогарликлар тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келмаслигига умид қиламан. Умид қиламанки, Вашингтон билан келгуси алоқаларимиз борасида хулосалар чиқариб олсак-да, уларнинг барчаси шарманда бўлишади", — деди Лавров.