ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. "Меҳр ва оқибат" ҳайвонларни ҳимоя қилиш ижтимоий ташкилоти Ўзбекистонда мавжуд бўлган катта муаммони кенг жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқди.
Маълумки, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари республикада учраб туради. Айни дамда бундай кимсаларга жазо сифатида энг кам иш ҳақининг 0,5 — 2 баравари миқдорида жарима солинади.
"Меҳр ва оқибат" жамоат ташкилоти аъзоларининг фикрига кўра ушбу жазо чоралари бераҳм кишиларни тўхтатиб қола олмайди ва қонунчиликка ўзгариш киритиш вақти келган.
Ушбу мақсадда "Меҳр ва оқибат" ташкилоти аъзолари интернет орқали овоз бериш эълон қилишган. Агар сиз ҳам ҳайвонлар тақдирига бефарқ бўлмасангиз, қуйидаги сўровномада иштирок этишингиз мумкин.
Бугунги кунга қадар қайт этилган натижаларга кўра, сўровда 850дан ортиқ киши иштирок этган. Улардан 53 % — қамоқ жазоси бериш, 16 % - жарима миқдорини ошириш тарафдори бўлишган. Сўралганларнинг фақат 1% жазо чорасини шундай қолдириш тарафдори бўлишган.