ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Ўзбекистонлик таниқли журналист ва сиёсатшунослик фанлари номзоди, доцент Шерзод Қудратхўжаев ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали президент Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи борасида ўз фикрларини билдирди.
"Кеча кечқурун ва бугун эрталаб давлат ташрифи (Ш.М.Мирзиёвнинг Россияга ташрифи — таҳр.) қандай ёритилишини томоша қилдим. Айтишим мумкинки, энг олий даражада ёритилди. Россиялик ҳамкасбларим анчадан буён бундай ишлашмаганди, барча телеканаллар, энг яхши журналистлар мазкур ташрифни кенг ва батафсил ёритдилар. Ҳаммаёқ ёрқин, ҳамма байрамона, ҳаммадан нур ёғилиб турарди. Кўрганларимдан қаттиқ ҳаяжонга тушдим, Ватаним ва Йўлбошчимдан фахрландим… анчадан буён бундай бўлмаганди", деб ёзади Қудратхўжаев.
Қудратхўжаевнинг фикрича, Москвада бундай бой дастур, ҳурмат-эҳтиром, кўп миллиардли сермаҳсул шартномалар анчадан буён бўлмаган. Унинг айтишича, Ўзбекистонга ва шахсан президент Шавкат Миромонович Мирзиёевга нисбатан алоҳида муносабат, соф, инсонийлик фазилатлари яққол кўриниб турди.
"Айрим дўстларимиз эса ҳар бир мамлакатнинг Давлат протоколи ўзига хос бўлишини билиб қўйишса яхши бўларди. Россия протоколи бўйича олий мартабали меҳмонни аэропортда президент, бош вазир эмас, балки Ҳукумат аъзоларидан бири кутиб олади. Ҳаттоки Трамп эмас, шахсан Линкольннинг ўзи учиб келса ҳам ушбу қоидадан четга чиқилмайди.
Ашхобод, Остона, Москва-илк ташрифлар, илк муваффақиятлар, илк муваффақиятли қадамлар. Олдинда Хитой, Европа ва бутун дунё турибди…
Омад жаноб президент, омад Ўзбекистон…", деб фикрини якунлайди журналист.