ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги матбуот хизмати "IPhone" учун жиноятга қўл урган ўспиринлар қўлга олингани ҳақида хабар қилди.
Хабарда айтилишича, ўспиринлар Фарғона шаҳрига бориб, шаҳар ҳудудида жойлашган истироҳат боғини айланиб юришган ва бир йигитнинг қўлидаги телефон апаратига назари тушиб қолган. Шунда уларда телефонни тортиб олиб қочиш ғояси туғилади. Шундай ҳам қилишади ва кўздан ғойиб бўладилар.
Жабрланувчи фуқаро бу ҳақда дарҳол ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилган.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан кўрилган тезкор тадбирлар натижасида телефон ўғрилари кўп ўтмай ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 166-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.