ТОШКЕНТ, 5 апр — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Жорий йилда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни тадбирлари "Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик" ҳамда "Аждодларни хотиралаш – муқаддас қадрият" шиорлари остида ўтказилади.
Вилоят шаҳар ва туманларнинг кўча ва майдонлари Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган плакат ва стендлар билан безатилади. Байрам дастурхонлари тузалади, Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги композициялар инсталляцияси, жумладан, уруш йиллари қўшиқ ва мусиқалари қўйилади.
Ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда ўз уй-жойига эга бўлмаганларига турар жой ажратиш бўйича тегишли чора-тадбирлари ҳам амалга оширилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Тошкент шаҳрида 2017 йил 9 май соат 21.00 да байрам салютини ташкил қилиши айтилган.