ТОШКЕНТ, 5 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россияга давлат ташрифи давомида мамлакат бош вазири Дмитрий Медведев билан учрашди. Бу ҳақда Россия ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Медведев Мирзиёевни Россия ҳукумати номидан қизғин қарши олди.
"Ўзбекистон биз учун стратегик ҳамкор, бир-биримизни инсоний муносабатлардан бошланиб иқтисодий алоқаларда якунланадиган кўплаб омиллар боғлаб турадиган энг яқин мамлакатдир.
Сизнинг ташрифингизга ҳукумат ҳам, бошқа ҳамкасблар ҳам қаттиқ тайёргарлик кўрганини эътироф этиш лозим. Иқтисодиёт, янги лойиҳалар, гуманитар соҳа, миграция ва меҳнат муносабатлари борасида ҳамкорлик масалалари билан боғлиқ жуда кенг миқёсдаги ҳужжатлар тўплами тайёрланди (кейинги йиллардаги муносабатларимиз учун бу улкан ҳажмдаги тўплам).
Ташрифингиз муваффақиятли ўтишига ва бу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги илиқ, дўстона муносабатларнинг янги саҳифасини очиб беришига ишончим комил. Сизни яна бир бор чин қалбимдан қутлайман!", — деди Россия ҳукумати раҳбари.
Мирзиёев ўз навбатида Медведев ҳамда Владимир Путиннинг Россияга таклифи учун миннатдорлик билдирди.
Шундан сўнг Ўзбекистон президенти Санкт-Петербургдаги террорчилик ҳаракати оқибатида қурбон бўлганларнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.
"Россия бизнинг стратегик ҳамкоримиз, биз иттифоқчилик муносабатлари ўрнатганмиз. Сиз билан илгари ҳам кўп бора учрашганмиз, лекин барча: ташқи ишлар вазирликлари учрашувлари, савдо, ҳарбий-техника, гуманитар, маданий муносабатларни қамраб олган бугунгидек тайёргарлик илгари бўлмаганди. Қониқиш билан айтиш мумкинки, тайёрланган ҳужжатлар тўплами анча салмоқли. Мазкур ташриф тарихий аҳамиятга эга бўлади.