ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Россия қишлоқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясининг Астрахандаги филиалида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган фотокўргазма бўлиб ўтмоқда.
"Ўзбекистон" ҳудудий маданий жамияти томонидан ташкил этилган кўргазманинг очилишида сиёсатчилар, Астрахан вилоятидаги олий ўқув юртлари ректорлари, миллий маданий жамиятлар раҳбарлари, журналистлар, талабалар ҳамда шарқшунос-тарихчилар иштирок этди.
Ташкилотчилар Ислом Каримовнинг ҳаёт йўли ва халқаро сиёсатдаги фаолиятини акс эттирувчи фотосуратларни жамладилар.
"Кўргазманинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи билан бир вақтда очилиши бежиз эмас. Биз миллий маданий жамият вакиллари сифатида ушбу ташрифдан Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги турли соҳалардаги алоқаларнинг янада ривожланишини кутмоқдамиз", — деди "Ўзбекистон" жамияти раиси Баҳодир Аминов.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2016 йилнинг 2 сентябрида 78 ёшида инсульт оқибатида вафот этган.