ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Москвада 1 апрел куни ВНДХ боғида Наврўз байрамига бағишланган тантаналар ва Палов фестивали бўлиб ўтди.
"Москва Наврўзи" деб ном олган тадбирнинг биринчи қисми ВНДХ боғидаги 75-павильонда бўлиб ўтди. Ундан Наврўзни миллий байрам сифатида нишонлайдиган бир неча мамлакатлар ва халқлар стендлари намойиш эдилди. Улар орасида Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Эрон, ва Татаристон, Бошқирдистон каби бир неча вилоят ва ўлкалар стендлари ҳам бор эди.
Тадбирга келган москваликлар ва меҳмонларга ҳар бир мамлакат урф-одатлари, ноз-неъматлари, миллий либосларини намойиш этилди. Шунингдек, миллий мусиқа ва рақслар ҳам ижро этилди.
Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон, Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Қурдистон ошпазлари танлов шартига кўра томошабинларга ўз таомларини тақдим этишди.
Ошни татиб кўришни истаган меҳмонлардан улкан навбатлар пайдо бўлди. Ҳар бир мамлакат ошпазлари ўз таомларини имкон қадар чиройлироқ безатишга ҳаракат қилишди.
Жюри аъзолари ўта жиддий танловдан кейин биринчи ўринни ўзбек паловига, иккинчи ўринни Қурдистон ошига ва учинчи ўринни Тожикистон ошига беришди. Қирғизистон оши эса томошабинлар мақтови совринини олди.
Шу кун 900 кг паловдан бир дона гуруч ҳам қолмади.