ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонасида 3 апрель куни Ўзбекистон ва Россия ўртасида умумий қиймати 3,5 миллиард доллардан ортиқ ҳажмдаги 16та ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди. Олий даражадаги Ўзбекистон-Россия музокаралари якунлари бўйича қўшимча қатор ҳужжатлар Кремлда имзоланиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, "Асака" банк ва "Газпромбанк" АЖ ўртасида Тошкент шаҳрида металлургия заводи қурилиши лойиҳасини молиялаштириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида ҳадли битим, "Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи" АЖ ишлаб чиқариш майдонларида қишлоқ хўжалиги техникасини ҳамкорликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича битим ва бошқа қатор аҳамиятли ҳужжатлар имзоланди.
Шунингдек, Россияга янги ва қайта ишланган мева ва сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича қиймати 612 миллион долларга тенг шартномалар, Ўзбекистонга Россия нефтини етказиб бериш бўйича меморандум ҳамда экскаватор техникасини етказиб бериш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим ҳам имзоланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси бош вазири биринчи ўринбосари Ачилбай Раматов бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Владимир Путиннинг таклифига кўра 4-5 апрель кунлари Россияга давлат ташрифини амалга оширади. Олий даражадаги музокараларда икки томонлама муносабатларнинг муҳим масалалари ҳамда ўзаро сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва илмий соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.