ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Дунёда мусулмон ва араб жамоатчилигига нисбатан ноўрин фикрлар кенг тарқалмоқда. Кўпчилик ИШИД ва "Ал Қоида"нинг ёвуз ҳаракатлари ислом билан боғлиқ деган ёлғон тасаввурлар "қопқони"да қолган, аслида эса уларнинг ҳаракатлари бу дин тамойилларига мутлақо зид. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Иордания пойтахти Аммонда бошланган Араб давлатлари лигаси саммитида ана шу фикрларни билдирди.
БМТ раҳбари террорчиларнинг асосий нишони мусулмонларнинг ўзлари эканлигини таъкидлади.
"Жуда кўплаб сиёсий етакчилар ўзларининг узоқни кўрмайдиган ва чиркин мақсадлари йўлида исломга нисбатан нафрат уйғотиб, уни ёмонотлиқ қилишмоқда, бу эса террорчи ва экстремистларга қўл келмоқда", — деди Антониу Гутерриш.
Бош котиб БМТнинг қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бўлиб ишлаган даврида исломнинг ҳақиқий мазмуни билан танишганини таъкидлади. У араб мамлакатлари одамларни зўравонлик ва таъқиблардан қутқариб, уларни меҳмондўстлик билан қабул қилганларини ўз кўзи билан кўрган.
Антониу Гутерриш қочоқларни муҳофаза қилиш Арабистон ярим оролида азалий анъана эканлигини эслатди ва Қуръондан иқтибос келтирди: "Агар мушриклардан биронтаси паноҳ сўраса, унга паноҳ бер, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра уни омонлик жойига етказиб қўй. Бу уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари учундир.
БМТ раҳбари ушбу оятни тоқатлилик ва ғамхўрликнинг олий намунаси деб атади. У қочоқлар билан боғлиқ замонавий халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардаги қоидалар Қуръонда аллақачон акс этганлигини эътироф этди.