ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Пойтахтда ҳаёт қайнамоқда — Ригада модалар ҳафталиги авжига чиққан, лекин шаҳарда расмий маросимлар билан бир вақтда бошқа кўплаб тадбирлар ҳам бўлмоқдаки, мода мухлислари барига улгуриб қолишга уринишмоқда.
Ригада Moel Bosh шоу-руми очилиши ушбу модалар марафонининг ёрқин безагига айланди. Очилиш маросимида одам шунчалик кўп бўлдики, танга отсангиз ерга тушмасди. Шоу-рум эгалари меҳмонларга шарқона меҳмондорчилик ила ажойиб байрам ташкил этдилар. Бу ерда Moel Bosh бренди либослари билан танишишдан ташқари ҳақиқий ўзбек паловидан ҳам тотиб кўриш мумкин эди.
Европа услубидаги шарқона ёндашув
"Шоу-румимизнинг тамойили одамларга ёрқин бўёқлар орқали завқ улашишдир. Бу шунчаки ойнаванд пештахталардан иборат дўкон эмас, балки кайфиятни кўтарувчи маскан — бу ерда бемалол ўтириб суҳбатлашиш, чой ичиш мумкин. Харидорлар бу ердан кийимдан ташқари юқори кайфият ҳам олиб чиқиб кетишади", — дейди Зуҳра Инат Sputnik Латвия мухбирига.
Унинг кузатишларига кўра, латвияликлар либосига ёрқин ранглар етишмайди. Бошқа аксарият европаликлар сингари латвияликлар ҳам кулранг либосларга эътибор қаратишади.
"Бизнинг коллекциямизда ўзбек миллий нақшлари туширилган ипак ва пахтадан тайёрланган мато — адрас ёки европаликлар номлаганидек икатдан тикилган либосларни кўришингиз мумкин. Бизда кўплаб рангларга урғу берилган, европача услубдан четда қолмаслик учун икки-учта ёрқин бўлмаган рангларни ҳам танлаганмиз", — дейди Зуҳра.
Moel Boshнинг харидорлари кимлар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Зуҳра ёш қиз ҳам, кекса аёл ҳам бу ерда ўзига керакли либосни топиши мумкинлигини айтди.
"Мен ўзим буви бўлганим учун ёши катта аёлга нималар керак бўлишини биламан. Лекин ёш қизлар ҳам бу ерда ўзлари излаган либосни топишлари мумкин, чунки коллекцияни яратишда уч нафар қизим ёрдам берган", — дейди Зуҳра.
Риганинг сокин дипломатик туманида Moel Bosh бутигининг очилиш маросимига Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси Афзал Ортиқов ҳам ташриф буюрди.
"Ушбу шоу-румнинг очилишида иштирок этиш менга икки карра ёқимли, чунки бу ерда Ўзбекистоннинг бир бўлаги — бизнинг гўзал миллий матоларимиз намойиш этилади. Бу ерда ҳар бир харидор ўзига ёқадиган нарсани топишига умид қиламан", — деди элчи.
У шунингдек, барчани Наврўз байрами билан қутлади.
Рига орқали Европага
Moel Bosh бренди асосчиси Зуҳра Инат Латвияда истиқомат қилаётганига 11 йилдан ошди. Бренднинг биринчи шоу-румини Тошкентда очган бўлиб, энди навбат Ригага келди.
"Тошкентда маҳсулотларимизни Европага сотишимиз қийин, шунинг учун Ригада шоу-рум очишга қарор қилдик. Шунингдек, онлайн-магазинни ҳам ишга туширамиз", — дея режалари билан ўртоқлашди Зуҳра.
Унинг айтишича, либослар фақат миллий матолардан тайёрланади. Икат Ўзбекистонда қўлда тайёрланади, нақшлари ҳам ўша ерда туширилади. Сўнгра матолар Ригага келтирилади ва шу ерда либос тикилади.
Зуҳра қуёшли Ўзбекистондан илҳом олади. Ёрқин ранглар кайфиятни кўтаради, дизайнер шу сабабли адрасни ёрқин ранглар етишмаётган Европага олиб кирмоқчи.
Sputnik мухбирининг Moel Bosh модалар уйида шарқ дўппилари ҳам бўладими, деган саволига Зуҳранинг ёрдамчиси Виктория шундай жавоб қайтарди:
"Ҳозирча сўраганлари йўқ, лекин дўппилар ҳам келтирамиз. Ҳозирда Шарқ услуби русумга айланмоқда. Бу эса мода саноатига ёрқин ранглар олиб киради. Ёрқин Ўзбекистон эса Латвиянинг энг тунд об-ҳавосини ҳам ёрқин ранглар билан безайди".