ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Ижтимоий тармоқлардаги ўзбек гуруҳларида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали намуналарининг суратлари пайдо бўлди. Бу ҳақда "Подробно.уз" хабар бермоқда.
Булар Ислом Каримовга аталган ёдгорликни яратиш бўйича халқаро танловда қатнашиш учун тайёрланган лойиҳалар бўлиши керак. Ижодий ишларни қабул қилиш бугун, 31 март куни якунланади. Сўнгра 10 апрелга қадар таклиф этилган намуналар асосида махсус кўргазма ташкил этилади.
Тошкентда Биринчи Президент ҳайкали Оқсарой қароргоҳи олдидаги майдонга ўрнатилади.
Каримов 1986-1989 йилларда Қашқадарё вилояти раҳбари сифатида фаолият кўрсатган Қарши шаҳрида ҳам ёдгорлик қад ростлайди. Уни шаҳар маъмурияти яқинига ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Самарқандда эса ҳайкал шаҳар марказида ўрнатилади, унинг атрофида фавворали хиёбон ташкил этилади.