ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Amnesty International халқаро нодавлат ташкилоти ўзининг ҳар йилги баёнотида Ўзбекистонни инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар ва мамлакатдаги сиёсий фаоллар ортидан кузатув ўрнатганликда айблади, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Amnesty International
Amnesty International — 1961 йил Буюк Британияда асос солинган халқаро нодавлат ташкилотдир. Веб-сайтида ташкилот миссияси "инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган чораларни қабул қилиш ва тадқиқотлар олиб боришдан иборат"лиги ёзилган.
Amnesty International фаолияти кўп бора танқидга учраган. Ташкилот тарафкашликда, маълумот чоп этишда танлаб ёндашишда, ва ҳатто, жосусликда гумонланади.
"Ҳар ёнда кузатув"
"Ўзбекистонда интернет ва телефон алоқалари орқали кузатиш кенг тарқалган ва бу ҳолат ёмон назорат қилинади", — дейилган РИА Новости ихтиёрига келиб тушган Amnesty International баёнотида.
2014 йил Британия ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти — Privacy International томонидан чоп этилган баёнотга таянган ҳолда Amnesty ўзбек ҳукумати СОРМ тизими(оператив-қидирув тадбирлари вазифаларини таъминлаш учун техник воситалар тизими — таҳр.) дан фойдаланганини таъкидлаган.
Ташкилот маълумотларига мувофиқ — СОРМ яширин тарзда "суҳбатлар ва боғлиқ маълумотларга тўғридан-тўғри кириш" имконини беради.
Ташкилот шунингдек, Италиянинг жосуслик тижорат дастурий таъминотлари савдоси билан шуғулланувчи Hacking Team компаниясининг 2015 йилги ички ҳужжатларига таянган ҳолда Ўзбекистон Remote Control System дастурини харид қилгани ҳақида хабар қилган.
Бу дастур ҳукуматга манфаатдор шахсларга тегишли телефон ёки компьютер қурилмаларига вирус тушириб, ва шу тарзда қурилмадаги маълумотларни қўлга киритиш имконини, шу жумладан, суҳбатларни "илиб олиш", ҳаракатлар ортидан кузатиш ҳамда микрофон ва камера қурилмаларини ишга тушириш имконини беради.
Amnesty International ўз баёноти хулосасида Ўзбекистон ҳукуматини мамлакат разведка хизмати фаолятини тартибга солувчи қонунлар ислоҳотини амалга оширишга даъват қилган.
Ташкилот зарур ислоҳотлар амалга оширилмагунига қадар бошқа мамлакатлардан Ўзбекистонга техник кузатув ускуналарига лицензия бермасликни кафолатлашни талаб қилган.