ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Россиянинг "Газпром" компанияси беш йил давомида Ўзбекистон газини харид қилади, деб айтди чоршанба куни компания раҳбари Алексей Миллер "Ўзбекистон" телеканалида берган интервьюси давомида.
Бугунги кунда дунёдаги етакчи энергетика компанияларидан бири бўлган "Газпром" Ўзбекистонда геология-қидирув ишларини олиб бориш ва истиқболли углеводород конларини ўзлаштириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, табиий газни экспортга етказиб беришда фаол иштирок этмоқда.
Россиянинг ушбу компанияси билан ҳамкорликда Устюртда ўтказилган кенг кўламли геология-қидирув тадқиқотлари натижасида "Жел" газ конденсати кони очилди. "Шахпахти" кони биргаликда ўзлаштирилмоқда. Ҳозиргача у ердан 3,5 миллиард куб метр газ қазиб олинган.
Учрашувда Ўзбекистонда нефть-газ соҳасини ривожлантириш, жумладан, 2017-2021 йилларда углеводород қазиб олишни кўпайтириш дастури доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди.
Мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.