ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Кеча, 28 март куни Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигида Microsoft компаниясининг делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Айни дамда Microsoft компанияси вакиллари, Тошкентда ўтказилаётган "Microsoft Innovation day" анжуманида иштирок этиш учун, Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турибди.
Учрашувда меҳмонлар Microsoftнинг МДҲ давлатларидаги лойиҳа ва тажрибалари хусусида тўхталиб, компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришга қизиқиш билдирдилар.
Ўзбекистон томони ушбу ҳамкорлик ҳар иккала томон учун ҳам самарали бўлишини қайд этиб, давлат бошқарувида, ижтимоий-иқтисодий тармоқлар, шунингдек таълим соҳаларига ахборот технологияларини жорий қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди.
Учрашувда Ўзбекистондаги Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси учун кадрлар тайёрлайдиган университетлар ҳамда Миcрософт ўртасидаги IT-таълим йўналишидаги ўзаро алоқаларнинг истиқболи, аҳамияти тўғрисида алоҳида қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, беш кун олдин Microsoft Тошкентдаги Инха университетига компания профессионал маҳсулотларидан бепул фойдаланиш учун 700та ваучер совға қилган эди. Совға қилинган Microsoft Imagine дастурлар жамланмаси ёрдамида IUT талабалари Windows операцион тизими, Microsoft Azure, Visual Studio, SQL Server, Xamarin ва бошқа дастурлардан бепул фойдаланишлари мумкин.