Самвел Бабаян: Балким эртага истеъфога чиқарман...

Oбуна бўлиш
"Балким эртага истеъфога чиқарман ҳам, асосийси, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 турнирига йўл олиши керак", - деди Самвел Бабаян матбуот анжуманида.

ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Самвел Бабаян ва ярим ҳимоячи Марат Бикмаев бугун, 28 март куни бўлиб ўтадиган "Ўзбекистон — Қатар" терма жамоалари учрашувидан олдин бўлиб ўтган матбуот анжуманида иштирок этишди.

"Малайзияда қайд этилган натижалар учун мухлислар олдида узр сўрайман. Барча ўйинлар ғалаба ва мағлубият орасида туради. Сурия билан ўйинда қаердадир мен хато ҳам қилгандирман. Йигитлар охиригача курашди, аммо сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол барчасини ҳал қилди.

Афсуски, ҳеч қайси ўйинда оптимал таркибда ўйнай олмаяпмиз. Аввалги ўйинларда йўқотишлар бўлди. Денисов эртага майдонга туша олмайди. Бундан афсусдамиз. Тўхтахўжаев эса сариқ карточкалари тўпланиб қолгани туфайли ўйинни ўтказиб юборади.

Бу гуруҳда кураш сўнгги тургача давом этади, чунки рақиблар ҳам очко йўқотмоқда. Асосий мақсадимиз — эратага ғалаба қозониш ва ЖЧ-2018 турнирига йўл олиш. Айни вақтда энг кучли таркибга эга эканимиз ҳақидаги сўзлардан қочмайман. Бу ҳақиқатдан ҳам шундай. Балки эртага истеъфога чиқарман ҳам. Асосийси, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 турнирига йўл олиши керак.

Жамоа яхши ўйнаганда стадион тўлади. Мухлисларга мурожаат қилмоқчиман: стадионга қанча мухлис келишидан қатъи назар, улардан далда сўраб қоламиз ва бизни қўллаб-қувватлашларига умид қиламиз", — деди Самвел Бабаян.

Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида қатарликлар устози Хорхе Фоссати ва ярим ҳимоячи Ҳассан ал-Ҳайдос ўз фикрларини билдирди.

"Гуруҳдаги ҳар бир ўйин қийин саналади. Ўзбекистонни ҳурмат қиламиз, лекин албатта, ғалаба қозониш учун бу ерга келганмиз. Тошкентдаги аввалги натижалар шунчаки рақамлар ва статистика. Тўғри, Қатар сафарда Ўзбекистонни ютмаган, аммо эртага янги ўйин бўлади ва янги саҳифа яратиш қўлимиздан келади.

Рақиб таркибида кучли футболчилар бор. Ҳа, Рашидов ва Абдухолиқов Қатар лигасида ўйнайди, аммо биз ҳам уларни кузатиб борамиз. Қатар таркибида ҳам кучли футболчилар бор.  

Ўзбекистон терма жамоаси тартибли ўйин кўрсатади. Жамоа доим режа ва стратегия асосида ҳаракат қилади. Ўзбекистон терма жамоасининг Сурияга мағлуб бўлгани кутилмаган ҳолат, дея олмайман. Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳар бир ўйин қийин, осон беллашувнинг ўзи йўқ. Агар Сурия катта ҳисобда Ўзбекистонни ютганида, мана бу мен учун ҳайратланарли бўларди", — деди Фоссати. 

Ўзбекистон — Қатар учрашуви бугун, 28 март куни Тошкентдаги "Бунёдкор" стадионида ўтказилади. Ўйин Тошкент вақти билан 18:00 да бошланади.

UZ24.uz хабари асосида.

Янгиликлар лентаси
0