ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. "Unison Group" масъулияти чекланган жамияти Қозоғистонга қарийб 1 миллион долларлик консерваланган палов етказиб беради. Бу ҳақда "Халқ сўзи" газетаси ёзмоқда.
"Остона шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмасидаги иштирокимиз ғоят самарали бўлди. Унда биз Қозоғистоннинг кўплаб ишбилармонлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш бўйича музокаралар ўтказиш, икки томон учун ҳам манфаатли бўлган келишувларга эришишга муваффақ бўлдик.
Миллий банк ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида компаниямиз Қозоғистоннинг "Agro Max Astana", "Даржан Групп" ва бошқа қатор савдо мажмуалари билан консерваланган ўзбек палови етказиб бериш бўйича қарийб 1 миллион долларлик шартнома имзолади", дейди "Unison Group масъулияти чекланган жамияти раҳбари Румия Абайдулина.
Унинг сўзларига кўра, жамият маҳсулотларига Қозоғистоннинг қатор савдо корхоналари томонидан талаб ортиб бормоқда. Жамғарма маҳсулот рекламасини таъминлаш билан бир қаторда унинг экспортини амалга ошириш учун 250 миллион сўм миқдорида фоизсиз молиявий кўмак кўрсатди.