ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган III Халқаро Мусиқа фестивали доирасида Германиянинг NÖRD FX жаз гуруҳи Бухоро ва Тошкентда концертлар беради, мастер-класс ва жем-сейшнлар ўтказади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Гуруҳ концертлари Тошкентдаги Ўзбекистон Давлат консерватириясининг Катта залида 1 апрел куни, Бухоро Мусиқали-драма театрида 3 апрел куни бўлиб ўтади.
Ундан ташқари NÖRD FX гуруҳи 31 март ва 1 апрел кунлари Успенский номидаги мусиқа мактаби ва Ўзбекистон Давлат консерватириясида мастер-класслар ўтказади. 2 апрел куни эса гуруҳ "Илҳом" театрида ўзбек мусиқачилари билан жем-сейшнлар (импровизация) ўтказишни режалаштирган.
NÖRD FX гуруҳи уч мусиқачидан иборат: Даниэль Кляйн (ударникчи), Том Шнайдер (фортепиано) ва Дориан Голлис (контрабас).
"NÖRD FX гуруҳи саҳнада ўзидан улкан энергия яратади. Бунай куч тингловчини мусиқа ҳақидаги одатий тасаввурини бузиб юбориши мумкин", — дейилган Германия элчихонаси хабарида.
Жаз фестивали доирасида бўлиб ўтадиган концертларга чипталар бепул тарқатилади. Уларни олиш учун қуйидаги манзилга мурожаат қилиш керак ku-101@tasc.diplo.de.
Ўзбекистонда ЮНЕСКО қарамоғида бўлиб ўтадиган фестивал маҳаллий ва чет эл мусиқачиларига ижодий суҳбат ўтказиш имконини яратмоқда. Фестивал Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Қўқонда бўлиб ўтади.