Эксперт: бизнесдаги янги имтиёзлар Ўзбекистонга инвестицияларни жалб этади

Oбуна бўлиш
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар учун имтиёзлар тақдим этди: улар валюта тушумини мажбурий сотишдан озод этилади

ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Антон Курилкин. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар учун имтиёзлар тақдим этди: улар валюта тушумини мажбурий сотишдан озод этилади.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон ва Хоразмда рўйхатдан ўтган, фармацевтика товарлари ва препаратлари, электротехника маҳсулотлари, пардозлаш қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахслар мулк солиғи, ер солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди.

Sputnik Ўзбекистон мухбири мазкур чора тадбирларнинг валюта ислоҳотларига таъсири борасида мустақил эксперт Юлий Юсупов билан суҳбатлашди.

Подпись документов - Sputnik Ўзбекистон
Президент Қорақалпоғистон ва Хоразм тадбиркорларига янги имтиёзлар тақдим этди

- Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти тадбиркорлари учун берилган имтиёзлар қандай самарага эга?

— Валюта имтиёзлари экспорт ҳамда экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ошишига хизмат қилади.

Фармацевтика, қурилиш материаллари, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга берилган имтиёзлар эса тадбиркорларнинг кўпроқ инвестиция киритишлари, янги иш ўринлари яратишлари мақсадини кўзда тутади. Мазкур имтиёзлар Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятига хориж давлатлари ва Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидан инвестицияларни жалб этади.

- Юқоридаги чораларни валюта ислоҳотларининг бошланиши деб айтиш мумкинми?

— Йўқ, бу Орол денгизи ҳалокатидан зарар кўрган ҳудудлар учун имтиёзлар, уларга ёрдам беришдир.

Валюта ислоҳотини эса бошланди деб айтиш мумкин. Сўм расмий курсининг тезлаштирилган мунтазам девальвацияси олиб борилмоқда. Доллар нархи ҳозирда анча тез суръатларда ошмоқда. Афтидан, бу расмий ва "қора" курслар орасидаги тафовутни камайтиришга уринишдир.

- Яъни қора бозордаги тебранишлар Марказий банк сиёсатига нисбатан ўзига хос жавобми?

— Тебранишлар — бозорнинг тезлаштирилган девальвацияга нисбатан жавоби.

Сўмнинг расмий курси илгари ҳафтасига 25 сўмга тушган бўлса, ҳозирда 50 сўмга пасаймоқда. Қора бозордаги тебранишлар эса — бозор қатнашчиларининг бунга муносабати. Улар курс қандай бўлишини билишмайди ва доллар янада ошиб кетади дея уни сотиб олишга киришиб кетишди.

Лекин ҳозирда долларнинг қора бозордаги курси пасайди.

Тебранишлар биринчи навбатда ноаниқлик билан боғлиқ бўлиб, одамлар ўз назарларида ишончли деб билган активларга пул тикишмоқда.

Янгиликлар лентаси
0