ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Хитойнинг йирик Anhui Conch Cement Company Limited компанияси Самарқанд вилоятида цемент заводи қуради, деб ёзмоқда Nuz.uz.
Завод йилига 2 млн тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.
Ўтган ҳафтада хитойликлар "Умар" қурилиш-ишлаб чиқариш корпорацияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.
Компания бўлимларидан бирининг директор ўринбосари Чжао Вейцян ХХР раҳбарияти "Буюк ипак йўли" тамойилини фаол олға сураётганини билдирди.
"Компаниямиз давлат корхонаси бўлганлиги туфайли бизнинг олдимизга ипак йўлида жойлашган мамлакатлар компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатиш вазифаси қўйилган", — деди у.
"Умар" корпорацияси раҳбари Умар Ражабов истиқболли инвесторларга корхона қурилиши учун таклиф этиладиган ҳудудлар ва у ердаги шароитларни кўрсатди.
Anhui Conch Cement Company Limited 1996 йилда Гонконгда ташкил этилган бўлиб, Хитойнинг 120та энг яхши компаниялари рўйхатига киради. Компания Хитойнинг 20 вилояти ҳамда Индонезия ва Мьянмада бўлимларига эга.
Компания маҳсулотлари дунёнинг 20дан ортиқ давлатига, жумладан АҚШ ва Европага экспорт қилинади. Компанияда 60 мингдан ортиқ киши меҳнат қилади.