ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Мирзиёев теракт қурбонларининг қариндошлари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини йўллаган ҳамда ҳодиса оқибатида жабрланганларга соғлиқ тилаган.
Теракт 22 март куни Лондон вақти билан 14.40да сайёҳларнинг энг севимли жойларидан бирида содир этилган: Вестминстер кўпригида ҳаракатланаётган машина тротуарга чиқиб, бир неча кишини босиб ўтган ва сўнга мамлакат парламент биносигача етиб борган. Ҳайдовчи бино олдида полициячига пичоқ билан ҳужум қилиб уни ўлдирган.
Теракт қурбонлари сони 4 нафарни ташкил этди, шунингдек 50 киши жароҳатланди. Теракт ижрочиси Британия фуқароси, 52 ёшли Холид Масуд бўлиб чиқди.
У ҳодиса жойининг ўзида йўқ қилинган.
Лондонда содир этилган теракт учун жавобгарликни "Ислом давлати" террорчилик уюшмаси ўз зиммасига олган.