ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. Кеча Малайзиянинг Малакка шаҳридаги ўйингоҳда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаш учрашуви доирасида Сурияга 1:0 ҳисобида имкониятни бой берди.
Айнан мана шу мағлубият шундоқ ҳам юрагини ҳовучлаб юрган мухлисларнинг сабр косасини тўлдирган кўринади. Сабаби ўйин якунланганидан сўнг ижтимоий тармоқлар ушбу ўйин ва миллий терма жамоа ўйинчилари ҳаракатларига нисбатан фикрларга тўлиб тошди.
Бундан ташқари, мухлису мутахассислар, журналистлар терма жамоанинг ўйини борасида ўзларининг таҳлилий мақолаларини чоп этмоқдалар.
Жумладан, журналист А.Акбаров "Кеча нима бўлди ўзи?.. Мағлубиятга учрадик. Тамом, вассалом! Аслидачи? Аслида нотўғри кўчадан кетаётганимиз маълум бўлди. Бу мураббий ва бу таркиб билан узоққа бора олмаймиз, шекилли", деб ёзади.
Хайрулла Ҳамидов эса "Мен айтмоқчи бўлган гап шуки, футболимиз яна ўзгариш остонасида турибди. Вақт эътибори билан ҳам бу муддат келиб бўлди, мухлисларнинг футболдан безиб бораётгани эътибори билан ҳам. Билмадим, бу галги ўзгариш қандай бўлади, аммо у қандай бўлишидан қатъи назар бир муддатга бўлсин ашаддий футбол ишқибозларини яна стадионларга жамлай олади, деб ўйлайман. Муҳими, бу ўзгаришдан келиб чиқадиган натижалар давомий бўлсин", дея фикр билдиради.
Бугун ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосурат эса футбол ишқибозларининг сабр косаси сўнгги томчи — кечаги мағлубиятдан сўнг тошганлигини кўрсатмоқда.
Биз футбол ишқибозларига сабр тилаймиз ҳамда асабларини асрашларини, ҳиссиётга берилмасликларини сўраймиз.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса кейинги ўйинларда ғалаба қозониб миллионлаб ўзбек мухлисларининг кўп йиллик орзуларини амалга оширишига умид қиламиз.