ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ҳақида декларация имзолашади, деб хабар бермоқда Sputnik Қозоғистон мамлакат ташқи ишлар вазири Кайрат Абдрахмановга асосланиб.
Мирзиёев 22 март куни илк давлат ташрифи билан Остона шаҳрига ташриф буюрди. Бугун Назарбоев ва Мирзиёев учрашуви бўлиб ўтади ҳамда қозоқ-ўзбек бизнес форуми ўтказилади.
"Бу Ўзбекистон президентининг мазкур лавозимга сайланганидан сўнг амалга ошираётган илк давлат ташрифидир. Қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида стратегик ҳамкорлик ва қўшничиликни янада чуқурлаштириш тўғрисида қўшма декларация имзоланади", — деди Абдрахманов.
"Иқтисодий ҳамкорлик борасида иқтисодий ҳамкорлик стратегияси ҳақидаги ҳужжат улкан аҳамият касб этади. Мазкур ҳукуматлараро ҳужжат 2017-2019 йилларга мўлжалланган", — деди у.
Вазирнинг айтишича, икки мамлакат ишбилармон давралари учун икки томонлама солиқ солишдан воз кечиш ҳақидаги келишувга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш муҳим ўрин тутади.
Икки мамлакат мудофаа вазирлари ҳарбий ҳамкорлик ҳақидаги ҳужжатни имзолашади ҳамда ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳақидаги ҳужжат эълон қилинади.