ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. Қозоғистон ўзбек автомобиль саноати билан ҳамкорликда йиғиш корхонасини ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи давомида ўтказилган музокаралар чоғида маълум қилинди.
Бундан ташқари, бугун Қозоғистон ташқи савдо палатаси ва Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ўртасида Ишчи кенгашини ташкил этиш бўйича келишув имзоланади. Кенгаш ҳар икки давлат ишбилармонларини барча тадбирлар, форумлар ҳамда ишчи учрашувлари ҳақида хабардор этиш бўйича тизимни яратиш имконини беради.
Учрашув давомида қайд этилишича, бугунги кунда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми тахминан 1,5 млрд долларни ташкил этади. Яқин йилларда бу рақамни 5 миллиардга қадар ошириш режалаштирилмоқда.