ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Навоий — Конимех — Мискин темир йўл трассаси йўналиши Бухоро — Мискин йўналишига ўзгартирилиши боис "Навоий — Конимех — Мискин темир йўл қурилиши" инвестиция лойиҳаси оптималлаштирилади, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бу борадаги қарорга имзо чекди. Эндиликда лойиҳа "Бухоро — Мискин темир йўл қурилиши" деб номланади.
Лойиҳани амалга оширишдан мақсад Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларини ягона транспорт йўналишига бирлаштирувчи туристик йўналишларни шакллантиришдир.
Бундан ташқари, экспертларнинг фикрича, бу Қорақалпоғистон, Бухоро ва Хоразм вилоятларининг транспорт инфратузилмасини янада ривожлантиради.
"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва ваколатли экспертиза органлари билан биргаликда темир йўл қурилишининг янгиланган техник-иқтисодий асосини, трассада вужудга келадиган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда «Бухоро — Мискин темир йўл қурилиши» лойиҳасини 2017 йил 1 июлгача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлашга киритиши лозим.
Ўз навбатида, Молия вазирлиги, республика тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Миллий банк ҳамда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ушбу қарордан келиб чиққан ҳолда аввал берилган давлат кафолатига ва кредит битимларига ўзгартиришлар киритади.