ТОШКЕНТ, 22 мар – Sputnik. Тошкентда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан ташкил қилинган «Буюк Британияда электрон хизматлар трансформацияси» мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида Ахборот технологиялари вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Саноат ва савдо палатаси, ОТБ, БМТТД ва Буюк Британия элчихонаси вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда қайд этилишига кўра, ҳукумат электрон хизматлари тадбиқ қилиш бўйича Буюк Британия дунёда биринчи ўринда экан. Шунинг учун ҳам, электрон хизматларни тадбиқ қилишни бошлаган Ўзбекистон учун Британия тажрибасини ўрганиш ижобий натижалар бериши мумкин.
Давра суҳбатида Буюк Британия ҳукуматининг рақамли ривожлантириш бўйича халқаро бўлими бошлиғи Даниел Лоу томонидан тақдим этилган “Электрон ҳукуматга давлат ёндашуви” мавзусида тақдимоти бўлиб ўтди. Презентацияда Британиянинг электрон ҳукумат тадбиқ қилиш жараёни батафсил ёритиб ўтилди ва ушбу ишнинг муваффақиятга олиб келган бир неча омиллар ҳам санаб ўтилди:
- IT лойиҳаларни тадбиқ қилишда мослашувчан услублардан фойдаланилгани;
- Фойдаланувчилар манфаатлари ҳар томонлама ўрганиб чиқилгани;
- Электрон ҳукумат тузилишига платформали ёндашув.
Тадбирда, шунингдек, “Ўзбекистонда электрон хизматлар ривожланишининг кейинги босқичи” мавзусидаги презентация ҳам бўлиб ўтди. Тақдимотда Ўзбекистонда электрон ҳукумат тадбиқ қилишга бўлган талаблар, соҳадаги асосий лойиҳалар ҳамда давлат ташкилотлари олдида турган энг муҳим вазифалар санаб ўтилди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2017-2021 йилда қабул қилинган ривожланиш стратегиясида давлат бошқарув тизимини ислоҳот қилиш муҳим ўрин эгаллаши ҳам айтиб ўтилди.
Учрашув давомида давра суҳбати иштирокчилари британиялик экспертларга саволлар билан мурожаат қилиш, Туманли мамлакат тажрибасини Ўзбекистонда тадбиқ қилиш бўйича уларнинг фикрини ўрганиш имконига эга бўлишди.
Тошкентда 17 март куни бўлиб ўтган давра суҳбати БМТ Тараққиёт дастури, ҳамда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ёрдамида ташкил қилинди.