ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. 15 мартдан бошлаб Тошкентнинг 115 чорраҳасида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд қилувчи видеокамералар ишга тушган эди.
Шу кунларда йўл ҳаракати қоидасини бузганликлари ҳақида мактублар ола бошлаган пойтахтлик ҳайдовчиларнинг аксарияти мактубларда жиддий хатоликлар борлигини пайқаб қолишди ва бу ҳақда ижтимоий тармоқларда ўзаро муҳокама қила бошладилар.
Мана, мисол учун ҳайдовчиларнинг бир қисми суратларда уларнинг автомобиллари ўрнига бошқа, ўхшаш рақамли автомобиллар қайд қилинган мактубларни олишган.
"Мен умуман тушунмадим, устимдан кулишяптими? Менга келган мактубда 10H658JA "Москвич" автомобилига жарима белгилангани ёзилган, суратда эса 10H655JA "Нексия" турибди. Нима у ёқда кўрлар ишлайдими?", — деган фойдаланувчилардан бири.
Ҳайдовчиларнинг яна бир қисми эса аллақачон сотилган ёхуд бошқа бировларга расмийлаштирилган автомобиллар учун жарима мактубларини олганлар. Ҳайдовчиларнинг яна бир қисми ўзларининг ҳақликларини исботлашга мажбур бўлган.
Мисол учун, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири қизил чироқда ҳаракатлангани учун мактуб олган. Мактубда илова қилинган суратда эса автомобил эгаси яшил чироқда ҳаракатланаётгани муҳрланган.
"Огоҳ бўлинг, агар йўл ҳаракати қоидасини бузганлигингизга шубҳалансангиз, қўнғироқ қилиб, аниқлик киритинг", — деб ёзган фойдаланувчи.
Айтиш жоизки,Тошкент шаҳри ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси илгарироқ биринчи бир неча ой давомида камералар тест синовидан ўтказилишини маълум қилган эди. Бошқарма ходимлари сўзларига қараганда, бу тизимнинг ҳам, қолган бошқа техник янгилик сифатида хатоликлари бўлиши турган гап, шу боис ҳам тест синов муддати белгиланган.
Агар автомобил эгалари ўзларининг ҳақлигига амин бўлсалар, у ҳолда улар Марказий диспетчерлик хизмати ва суд органларига мурожаат қилишлари мумкин.
Айни дамда ушбу камералар фақат тезликни ошириш ва қизил чироққа ўтиш учун жарима белгилайди. Автоматлаштиришнинг кейинги босқичларда камерралар уяли телефон орқали гаплашиш ва тақилмаган хавфсизлик камари каби қоидабузарликларни ҳам қайд қила бошлайди.