ТОШКЕНТ, 21 мар – Sputnik. Финландияда бўлиб ўтган Жаҳон кубоги мусобақаларида Ўзбекистонлик қиличбоз Олег Соколов олтин медал соҳиби бўлди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Олимпия қўмитаси.
Финляндиянинг Турку шаҳрида 18-19 март кунлари қиличбозлик бўйича жаҳон кубоги босқичининг “В” тоифасидаги мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон шарафини Олег Соколов ҳимоя қилди.
АҚШ, Россия, Германия, Италия, Финляндия, Швеция, Австрия, Панама, Гонконг, Хитой Тайпейи, Венесуэла ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган 90 нафар спортчи орасида терма жамоамиз аъзоси шамшир (шпага) бўйича беллашувларда барча рақибларини ортда қолдириб шоҳсупанинг энг юқори қисмидан жой олди ва мусобақанинг олтин медалига сазовор бўлди.
Шуни қайд этиш керак-ки, Ўзбекистон қиличбозлари ўз мухлисларини бундай юқори натижалар билан хурсанд қилиш ҳоллари ҳозирча унчалик кўп эмас.
Эслатиб ўтамиз, бир неча ой олдин Ўзбекистон Қиличбозлик федерациясининг раҳбарияти ўзгарган эди. Бугунги кунда федерацияга Бш вазир ўринбосари Адҳам Икромов бошчилик қилмоқда.
Жаҳон қиличбозлик федерациясига эса бир неча йилдан бери келиб чиқиши Ўзбекистондан булган россиялик миллиардер Алишер Усмонов раҳбарлик қилмоқда.