ТОШКЕНТ, 21 мар — Sputnik. ЮНЕСКО бош директори Ирина Бокова 21 март — Наврўз байрами билан ўз табригини эълон қилди. Табрик матни БМТ Янгиликлар маркази сайтида эълон қилинди.
"3000 йилдан ортиқ вақт давомида жаҳондаги миллионлаб кишилар ҳар йили баҳор кириб келишини байрам қиладилар. Ғарбий, Марказий ва Жанубий Осиёдан то Кавказ, Болқон ва бошқа ҳудудлардаги турли маданият, дин ва тилга эга бўлган халқлар Наврўз қадриятлари атрофида бирлашадилар", — деди табригида Ирина Бокова.
У Наврўз инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилганини эслатиб, Наврўз анъаналари одамларга бир-бирига нисбатан ҳурмат кўрсатиш, табиатни эъзозлаш ва ёрқин келажакка умид кўзи билан қараш имкониятини беришини айтди.
2010 йилда БМТ Бош ассамблеяси 21 март санасини Халқаро Наврўз куни деб эътироф этган.