ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевни икки мамлакат орасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан табриклади.
“Ҳурматли Шавкат Миромонович, мамлакатларимиз орасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан чин юракдан табрикимизни қабул қилинг. Охирги йилларда Россия-Ўзбекистон муносабатлари стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилди. Мазмунли сиёсий суҳбатимиз, савдо-иқтисодий, илмий-техник, гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорлигимиз изчил ривожланиб бормоқда. Бизнинг мамлакатлар ҳудудий ва халқаро кун тартибида турган муҳим масалаларни ҳал қилишда самарали ҳамкорлик қилмоқда”, — дейилган табрик хатида.
Россия президенти, шунингдек, биргаликда қилинган саъй-ҳаракатлар Россия ва Ўзбекистоннинг дўстона халқлари манфаатлари йўлида ҳамда Ўрта Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадларига хизмат қилишига ишонч билдирди.
Владимир Путин Мирзиёевга мустаҳкам соғлиқ ва муваффақият, Ўзбекистон аҳолисига эса – бахт ва равнақ тилади.