Фарғонада Наврўз сайллари ўлану-лапарлар аския ва сумалак билан ўтмоқда

© Sputnik / Хулькар ИбрагимоваТошкентда Навруз
Тошкентда Навруз - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Президентнинг Наврўз байрамини тантанали ўтказиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, бу йил Наврўз Ўзбекистоннинг барча қишлоқ, туман ва шаҳарларда умумхалқ сайли, тантана ва миллий урф-одатлар билан кутиб олинди.

ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Республиканинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Фарғона вилоятида ҳам Наврўз тантаналари ва халқ сайллари бўлиб ўтмоқда.

Фарғонанинг Сўх, Бешариқ, Ёзёвон ва Данғара туманларида сайлга келган аҳоли олдида таниқли шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, маънавият тарғибот гуруҳлари иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди. “Нуроний” жамғармаси вакиллари кекса отахону онахонлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнгилларини овладилар.

Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев во время визита в Сурхандарьинскую область - Sputnik Ўзбекистон
Шавкат Мирзиёев А.Қодирий истироҳат боғида сайлда қатнашди

Қувасой шаҳридаги “Камолот” боғида бўлиб ўтган сайл ҳам барчага бир олам қувонч улашди. Ашула ва рақс халқ ансамбллари, фолклор-этнографик ва турли бадиий жамоалар, таниқли эстрада хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар, ўлану лапарлар, аския ва рақслар барчада катта таассурот қолдирди. Дорбозларнинг чиқишлари, дошқозонларда пиширилган сумалак, ташкил этилган турли кўргазмалар иштирокчиларга хушнудлик улашди. Момоларнинг чилдирма жарангига мос лапарларига келинлардан тортиб, жамалаксоч қизларгача рақсга тушди.

Қўшни давлат чегарасига яқин ҳудудида жойлашган “Полмон”, “Найман”, “Боғбон”, “Ҳамдўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам сумалак пиширилиб, ҳудуднинг ўзига хос Наврўз удумлари асосида кенг нишонланди. Айниқса, “Келин салом”, “Ёр-ёр”, “Оқ теракми, кўк терак” каби маросим ва миллий ўйинларда томошабинлар кўп бўлди.

Сўхда Наврўз байрами асосан қиру адирлар, кенг яйловлар бағрида ўтади. Ёши улуғлар Наврўзга етказганига шукроналар айтиб, “Омонлик, омонлик – ҳеч кўрмайлик ёмонлик”, дея ният қилади. Шундай байрам шодиёнаси вақтида кексалар Наврўз таъқиқланган вақтларни ҳам эслашди.

“Ёшим 82да. Не кунларни кўрмадик. Наврўз тақиқланган вақтлар ҳам бўлди. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, қон-қонимизга, суяк-суягимизга сингиб кетган, вужудимизга қувват, руҳимизга тетиклик бағишлайдиган, қалбимизни яшаш ва яшариш туйғуси билан руҳлантирадиган Наврўзни халқимиз унутмади”, дейди сўхлик Боборустам бува.

Байрам шодиёналарига бадиий жамоалар ҳам қизғин ҳозирлик кўрди. “Сўх чашмаси” фолклор-этнографик ансамбли бадиий раҳбари Тожибой Юсупов айтишига қараганда турли ёшдаги ҳаваскор ижрочилардан иборат ижодий жамоа Наврўзга бағишлаб “Сумалак“, “Эй, санам”, “Наврўз муборак!”, “Сарак-сарак”, “Чол келди” цингари қўшиқ ва рақслар тайёрлаган.

Равон қишлоғида бўлиб ўтган умумхалқ сайли кўпкари, тош кўтариш, арқон тортиш цингари миллий ўйинлар, турли ижодий кўрик-танловлар, спорт мусобақаларига уланиб кетди. Беморлар, кам таъминланган оилалар, ўзгалар кўмагига муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиниб, байрам совғалари топширилди.

Барча туман ва қишлоқларида Наврўз сайли давом этмоқда. “Жаҳон” ахборот агентлиги хабари  асосида.

Янгиликлар лентаси
0