ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Ўзбекистон ҳозирча "555", "777" каби чиройли автомобил номерларини сотувга чиқаришни режалаштирмаган, деб хабар беришди Sputnik мухбирига Тошкент ЙҲХ Бош бошқармасида бўлиб ўтган брифингда.
Бироз олдин ижтимоий тармоқларда фуқаролар танловига қараб автомобил номерлари сотилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Фойдаланувчилар ҳатто гуёки тасдиқланган нархларни ҳам чоп этишган эди. Унга кўра "чиройли" номерлар 3 миллиондан 30 миллион сўмгача бўлиши мумкинлиги хабар қилинган эди.
"Ўзбекистонда давлат рақамларини сотиш тажрибаси йўқ ва режалаштирилмаган ҳам. Бундай амалиёт дунёнинг айрим мамлакатларида қўлланилади, шунинг учун ҳам бизнинг автомобилчиларимизда ҳам шундай саволлар пайдо бўлмоқда. Автомобил давлат рақами нархи қонун томонидан белгиланган, қолгани — уйдирма. Номерлар тасодифий равишда берилади", — деди суҳбатдош.
Ўзбекистонда чиройли номерларга қизиқиш жуда катта. Айрим автомобилчилар чиройли номер билан юришни қўшимча "обруй" ёки "безак" деб тушунади. Шунинг учун ҳам бундай кишилар чиройли номер учун мўмайгина пул тўлашга тайёр.
Кўпгина мамлакатларда бундай имкониятдан давлат ғазнасини бойитиш учун унумли фойдаланишади. Дунёдаги энг қиммат 10та автомобил номерлари БААдаги аукционларда 1,1 миллиондан — 9 миллион долларгача нархларда сотилган.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистонда автомобил давлат рақами олиш учун 225 минг сўм тўлаш керак.