ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янгидан қурилаётган ва реконструкция қилинаётган ишлаб чиқариш қувватлари лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишини, техника ва технологияларни эксперт баҳолаш агентлигини тугатиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилган.
Ушбу қарор инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш механизмини такомиллаштириш ва уларни тайёрлаш жараёнини тезлаштириш, шунингдек, илғор хорижий тажрибага асосланган лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлаш сифатига салбий таъсир қилмайдиган экспертиза тартибини соддалаштириш мақсадида қабул қилинди.
Давлат раҳбари қарорига кўра, агентликни тугатиш комиссияси тасдиқланган, комиссия аъзоларига тугатиш ишлари бўйича комплекс чоралар кўриш вазифаси топширилган. Бундан ташқари, инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари бўлган тегишли вазирлик ва идораларга тендер ва лойиҳаолди ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича ўз кенгашларини тузиш топширилган.
"Ўзбекэкспертиза" АЖ тайёр ҳолда топшириладиган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида сотиб олинадиган ускуналар, техника ва технологияларнинг нарх кўрсаткичлари бўйича импорт шартномаларини экспертизадан ўтказувчи ваколатли орган сифатида белгиланган.
Ҳукуматга "Ўзбекэкспертиза" фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, унинг фаолиятига экспорт-импорт операцияларини маркетинг жиҳатидан таҳлил қилиш соҳасидаги, хусусан, бошқа мутасадди органлардан тажрибали ва малакали мутахассисларни жалб этиш вазифаси топширилган.