ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Бугун 15 март Халқаро истемолчилар куни. Ушбу муносабат билан Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ушбу йил эълон қилинган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да Федерация фуқаролар билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқот ташкил этиш мақсадида ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлигида маҳаллий қўмита ва марказий аппарат раҳбарларининг аҳоли билан мулоқот қилиш кунлари белгиланган. Мулоқот кунларида аҳоли саволларига жавоб бериш билан бир вақтда истеъмолчилар учун ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам ташкил этилди.
Бундан ташқари фуқаролар ўз мурожаатларини исталган вақтда www.istemol.uz веб сайти ёки 1091 рақамли ишонч телефони орқали федерацияга юборишлари мумкин.
Ўтган йил натижаларига кўра ўзбекистонлик истеъмолчилар ушбу имкониятлардан унумли фойдаланмоқда. 2016 йилда Федерацияга истеъмолчилардан салкам 10 мингта (9908та) ариза келиб тушган. Аризаларнинг 93% (9222таси) ижобий ҳал қилиниб, истеъмолчиларга еткизилган 3 860 414 сўмлик зарар қайта ҳисоб китоб қилиб берилган.
Мазкур мулоқотларда келиб тушган савол ва муроожатларнинг аксарияти газ таъминоти – 29%, савдо-сотиқ соҳасидаги муаммолар – 15 % ва шунингдек электр энергияси, иссиқлик манбаи, ичимлик суви, соғлиқни сақлаш, жамоат транспорти соҳаларидаги камчиликлар юзасидан бўлган.
Анжуманда қайд этилишига қараганда, истеъмолчилар ҳуқуқий саводхонлигини ошириш Федерация фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир. Ушбу мақсадда ТВ, матбуот ва интернет орқали тарғиб ишлари олиб борилмоқда, мақолалар чоп этилмоқда. Янги йилнинг январилан бошлаб федерация ўз газетасини ҳам чоп этмоқда. “Истеъмол маданияти” газетаси бугуни кунда 6000 нусхада чиқарилмоқда.
Тарғибот ишлари айниқса ёшлар орасида кенг кўламда олиб борилмоқда. Республиканинг барча ҳудудларида “Мен ёш истеъмолчиман” номли кўрик танловлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Истеъмолчилар федерацияси чет мамлакатлар истеъмолчилар федерациялари билан ҳам алоқаларни йўлга қўймоқда. 2016 йилда Федерация вакиллари Ҳиндистон ва Озарбайжонга саёҳат қилиб ушбу мамлакатлар Истеъмолчилар федерациялари билан англашув меморандумлари имзолашди.