ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Тожикистон миллий банки оғир жиноятлар содир этишда айбланиб қидирувда бўлган 200дан ортиқ шахс ҳамда фаолияти олий суд томонидан террорчилик ёки экстремистик деб топилган 15та тақиқланган ташкилот рўйхатини эълон қилди, деб хабар берди миллий банк матбуот хизмати.
Банк фуқаролар ва тижорат ташкилотларини улар билан молиявий ҳамкорликни тўхтатишга чақирди, деб ёзади РИА Новости.
Рўйхатга Тожикистон ислом уйғониш партияси, "24 гуруҳи", "Озод Тожикистон", "Мусулмон биродарлар", "Жамоат Ансорруллоҳ", "Ўзбекистон ислом ҳаракати", "Ислом давлати", "Ал-Қоида" ташкилотлари ва гиёҳванд моддалар, қурол ва одам савдосига алоқадор шахслар киритилди.
"Ушбу рўйхатни эълон қилишдан мақсад даромадларни қонунийлаштиришга алоқадор шахслар ва ташкилотларнинг активларини музлатишдир. Мазкур рўйхат ноқонуний йўллар билан топилган пулларни легаллаштиришга қарши курашувчи Financial Action Task Force халқаро ташкилоти талаблари асосида тузилган", — дейилади хабарда.
Хабарга кўра, "Халқаро молия институтлари ушбу рўйхатда кўрсатилган ташкилотларнинг ҳисобларини музлатиши даркор… Бундай рўйхатлар турли мамлакатларда терроризм ва бошқа жиноятларнинг олдини олиш мақсадида тузилади".
"Жиноий йўллар билан топилган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш" ҳақидаги қонун 2015 йилда қабул қилинган бўлиб, унга кўра, банк ходимлари шубҳали банк операциялари содир этилганида маблағ айланишини вақтинча тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга.
Январь ойида миллий банк бош прокуратурага 7 мингта шубҳали пул ўтказмалари ҳақидаги рўйхатни тақдим этган ва ҳозирда улар юзасидан текширув ўтказилмоқда.