ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Франциядаги ҳайвонот боғида браконьерлар ўлжа учун каркидонни ўлдиргач, Чехия ҳайвонот боғи маъмурияти ўзида сақланаётган ноёб турдаги каркидонларнинг шохларини кесиб ташлайдиган бўлди, деб хабар қилмоқда Guardian нашри.
7 март куни номаълум жиноятчилар Франциянинг Туари шаҳридаги ҳайвонот боғига кириб, Винс лақабли 5 яшар каркидонни ўлдиришган ва унинг шохларидан бирини арралаб, воқеа жойидан ғойиб бўлишган.
Каркидонлар нафақат Франция, балки жаҳон бўйича браконьерлар учун қимматли ўлжа ҳисобланади. Каркидонлар шохлари Африка анъанавий тиббиётида кенг қўлланилгани учун жиноятчилар мудом каркидонларни овлайдилар. 1977 йилда каркидонлар шохлари олди-сотдиси бутун дунё бўйича таъқиқланган эди, қора бозорда эса каркидоннинг бир дона шохи нархи 50 минг еврога яқин баҳоланиши мумкин.
2016 йилнинг ёзида Зимбабве ҳукумати мамлакат ҳудудидаги 700 та каркидонни шохларидан жудо қилиш қарорини имзолаган эди. Сабаби бу ҳудудда 2015 йилда 1,3 мингта каркидон браконьерлар қурбонига айланган эди.