ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Берлинда бўлиб ўтган “ITB Berlin– 2017” халқаро туризм кўргазмасида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти кенг намойиш этилди.
ITB Berlin дунёдаги энг йирик халқаро сайёҳлик анжуманларидан бири ҳисобланади. Бу йил кўргазмада 187 мамлакатдан ўн мингдан зиёд фирма ва компания вакиллари иштирок этган. Кўргазмага икки юз мингдан ортиқ киши ташриф буюрган.
Мазкур тадбир сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган бўлиб, унда саёҳат, фаол туризм, спорт туризми ва спорт маҳсулотлари, сайёҳлик ва ахборот технологиялари, ёшлар туризми, экотуризм, маданий сайёҳлик, сайёҳлик бизнеси, круиз каби йўналишларга оид ўнлаб бўлимлар ишлади.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан маълум қилишларича, “Мессе Берлин” кўргазма мажмуасида ўтказилган анъанавий анжуманда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва бир неча йирик сайёҳлик компаниялари иштирок этди.
Кўргазмада Ўзбекистон стенди ўзига хос миллий услубда безатилган эди. Шунингдек кўргазма ташриф буюрганлар диққати миллий куй-қўшиқлар, ранг-баранг рақсларимиз ва сархил мевалар ҳамда ҳамда миллий таомлар ёрдамида жалюб қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Шаропов раҳбарлигидаги делегация кўргазма доирасида Германия туризм ва спорт бўйича қўмитаси, Германия сайёҳлик уюшмаси, Савдо-саноат палатаси каби ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Шунингдек Германиядаги Ўзбекистон элчихонасида сайёҳлик салоҳиятига бағишланган анжуман ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Жаҳон" ахборот агентлиги.