ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Ўзбек эстрадаси қироличаси Юлдуз Усмонованинг қизи чақалоғи билан туғруқхонадан чиқди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Янги меҳмонга Саъдия деб исм қўйишди. Нилуфарнинг айтишича, қизалоққа исмни турмуш ўртоғи танлаган.
Нилуфарнинг туғруқхонадан чиқиши яқинлари ва оила аъзолари даврасида кенг нишонланди. Меҳмонга хонанда Шаҳзода, қизиқчи Ҳалима Ибрагимовалар келишди.
Юлдуз Усмонова ўзининг Instagramдаги саҳифасида қизи ва барча набиралари билан тушган суратини жойлади ва "Бахтли буви ажойиб набиралари даврасида" дея изоҳ қолдирди.
Эслатиб ўтамиз, 7 март куни Юлдуз Усмонованинг қизи Нилуфар Усмонова тўртинчи бор фарзандли бўлди. Нилуфар Усмонованинг 11 ёшли Саидаъзам, беш ёшли Иброҳим ва тўрт ёшли Сулаймон исмли ўғиллари қаторига қизчаси ҳам қўшилди.