ТОШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Кўргазмалар залида кутубхонанинг умумий фондлари таркибидаги мусиқа бўлимида сақланаётган алоҳида қимматга эга грампластинкалар кўргазмаси очилди, дея хабар қилмоқда кутубхонанинг Умумий фондларни сақлаш хизмати.
Мазкур кўргазмада "Апрелевский" заводида ишлаб чиқарилган ноёб ретро-овозлар намойиш этилмоқда. Маълумотларга кўра, 1910 йилда Москва вилоятидаги Апрелевка қишлоғида граммофонлар учун пластинкалар ишлаб чиқарувчи биринчи рус фабрикасига асос солинган. У дунёдаги энг йирик грампластинка заводи бўлган. Бу ерда ўн мингдан зиёд ишчи турли жанр йўналишлари бўйича овозли ёзувларни тайёрлашган.
Кўргазмага ташриф буюрувчилар Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг "Ижод" залида грампластинкаларни эшитиш ҳамда уларга манзур бўлганларининг электрон вариантларини олиш имкониятига эга бўладилар.
Кўргазма жорий йилнинг 31 мартига қадар давом этади.